ССВ марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ишдан олинди
ССВга аҳолидан тиббиёт соҳасидан норозилик ҳақида жуда кўп шикоятлар келиб тушмоқда.

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тизимдаги ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилди.
Тиббиёт соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Баъзи ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси жуда паст эканлиги бор гап.
Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу соҳадаги бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар ҳамон сақланиб қолаётганини тўғрисида жамоатчилик билан мулоқотларда қайта-қайта тўхталиб ўтмоқда.
Камчиликлар яққол кўзга ташланади. Масалан, ўтган 11 ой давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг катта қисми сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалардир. Сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайган.
Қолаверса, битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.
Жойлардаги масъулларнинг эътиборсизлиги сабабли кичик муаммолар жойида ҳал бўлмайди. Шу сабабли халқ Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизими оқсаётгани, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ.
Шулардан келиб чиққан ҳолда бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди. Уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.







