Тошкент тиббиёт академияси контракт нархлари ошганини тасдиқлади
Аммо вазирлик буни инкор этмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган давлат олий таълим муассасаларида базавий тўлов-контракт миқдорларининг оширилгани тўғрисидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.
Вазирлик ўз баёнотида тарқалган хабарлар нотўғри эканини маълум қилган.
Қайд этилишича, айни пайтда базавий тўлов-контракт миқдорлари 2022/2023-ўқув йили учун тасдиқланиши кутилмоқда. Вазирлик ушбу масала расмий эълон қилинмагунга қадар барча давлат олий таълим муассасалари, шу жумладан молиявий мустақиллик берилган таълим ташкилотлари ҳам расмий баёнот беришини асоссиз деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ молиявий мустақилликка эришган Тошкент тиббиёт академиясида жорий ўқув йили учун контракт нархлари стипендиясиз ҳолатда 9 млн сўмдан 19 млнгача оширилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг академия проректори видеомурожаат билан чиқиб, юқорида келтирилган нарх жорий йилда ўқишга қабул қилинган биринчи курс талабалари учун амал қилишини айтди.
Шунингдек, проректор ўз видеомурожаатида айтилган гапларни ҳақиқий ва асосли эканини таъкидлаган. Аммо вазирлик барча давлат ОТМлари ва молиявий мустақиллик берилган таълим ташкилотларининг баёнотини асоссиз деб ҳисобламоқда.








