Тошкентнинг бош режаси тасдиқланди
У 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган.

Ҳужжатга кўра, Бош режанинг асосий кўрсаткичларини белгиловчи хариталар Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирлигининг Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.
Ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш Бош режа асосида белгиланган тартибда ушбу ҳудуднинг мастер-режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, Бош режанинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи ҳар чоракнинг якуни бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида эшитиб борилади.
Ҳужжатга илова қилинган Бош режанинг асосий кўрсаткичларида қайд этилишича, ушбу ҳужжат аҳоли эҳтиёжлари, экологик зоналарни ва маданий меросни ҳимоя қилишни инобатга олган ҳолда шаҳарни мувозанатли ривожлантиришга қаратилган. Бош режа инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт тармоқларини ривожлантириш ва яшил майдонларни кўпайтиришга йўналтирилган бўлиб, бу шаҳарнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.







