Украина Хитой фуқароларига нисбатан санкциялар жорий этди
Санкциялар Россия манфаатларини тарғиб қилган шахсларга нисбатан татбиқ этилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳарбий-саноат мажмуаси билан ҳамкорлик қилаётган Хитой фуқароларига нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Strana.ua нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, чеклов чоралари йил охиригача кучга киради. Санкциялар Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлаётган, шунингдек, Россия таъсирини оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилаётган шахсларга нисбатан қўлланилади.
Бундан ташқари, ўз касбий фаолияти ёки спортдаги обрўсидан “Россия тажовузини улуғлаш” мақсадида фойдаланган шахсларга ҳам чекловлар татбиқ этилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойининг охирларида Владимир Зеленский Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилган эди. Ўшанда Украина Россия нефть компанияларига нисбатан АҚШ билан мувофиқлаштирилган санкцияларни жорий этгани маълум қилинган.
Шунингдек, Украина ҳукумати Россия, Барбадос, Танзания, Панама ва Камерун билан боғлиқ деб тахмин қилинган 56 та кемага қарши ҳам санкциялар қўллаган. Ушбу 10 йиллик чекловлар лицензияларни бекор қилиш, савдо шартномаларини музлатиш, ресурслар транзитини тўхтатиш, Украина ҳудудий сувларига киришни тақиқлаш ҳамда активларни музлатишни ўз ичига олади.







