Хитой CОVID-19 статистикасини эълон қилишни тўхтатди
Декабрь бошида мамлакатда карантин чекловларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди.

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари бўйича кунлик статистикани эълон қилишни тўхтатди. Reuters агентлигига кўра, ушбу маълумотлар аксарият ҳолларда ишончсиз бўлиб чиқмоқда.
Комиссия бундан буён статистика Хитойнинг касалликлар назорати ва профилактикаси маркази томонидан эълон қилинишини маълум қилган.
Декабрь ойида расмий Пекин коронавирусга қарши кураш стратегиясини ўзгартирганидан кейин мамлакатда касалланиш ҳолатлари кескин кўпайган. Шунга қарамай, Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси сўнгги тўрт кунда ўлим ҳолатлари ҳақида умуман маълумот бермаган. Шунингдек, хитойликлар COVID-19 билан боғлиқ ўлимни белгилаши шартлари ҳам ўзгарди: энди нафас етишмовчилиги оқибатида вафот этганларгина коронавирус оқибатида ҳалок бўлган деб тан олинади.
Ўтган ҳафта Британиянинг Airfinity тадқиқот компанияси Хитойда кунига миллионга яқин одам коронавирусга чалинаётгани ва 5 минг киши инфекция қурбони бўлаётганини маълум қилганди.
Декабрь бошида кўплаб ҳудудларда бўлиб ўтган норозилик намойишлари оқибатида мамлакатда умумий ПЦР-тест топшириш тизими бекор қилинганди. Бундан ташқари, бир провинциядан иккинчисига ўтишда ҳам мажбурий ПЦР талаби бекор қилинган.








