Эрон самолётида кутилмаган носозлик: ғилдирак шинаси ҳавода узилиб кетди
Самолёт Машҳад аэропортига фавқулодда қўндирилди.

Эроннинг Sepehran Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 737 самолёти парвоз вақтида қўниш шассиси ғилдиракларидан бирининг шинасидаги бир қисми узилиб кетгани сабабли Машҳад аэропортига фавқулодда қўнди. Бу ҳақда Эроннинг Rokna ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳодиса душанба куни Машҳаддан Керманшоҳ шаҳрига учаётган самолётда содир бўлган. Дастлабки хабарларда самолётнинг қўниш шассиси билан боғлиқ муаммо юзага келгани ва двигателда ҳам носозлик кузатилгани айтилган.
Кейинчалик аниқлаштирилишича, парвоз вақтида қўниш шассиси ғилдиракларидан бирининг шинасидаги бир қисми узилиб кетган.
Шундан сўнг экипаж фавқулодда қўниш сўраган ва самолёт Машҳад аэропортига қўндирилган.
Ҳодиса оқибатида йўловчилардан ҳеч бири жабрланмаган. Бироқ парвоз вақтида юзага келган носозлик самолёт бортида хавотир ва ваҳимага сабаб бўлгани хабар қилинган.
Ҳодисанинг аниқ сабаблари ва самолётдаги техник носозликлар бўйича қўшимча тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаган.








