Январ ойида қандай об-ҳаво бўлиши кутилмоқда?
"Ўзгидромет" январ ойининг дастлабки кунлари бўйича прогнозларни маълум қилди.

Январ Ўзбекистонда қишнинг энг совуқ ойи ҳисобланади, бироқ мутахассислар таъкидлашича, бутун ой давомида кескин совуқ бўлиши кам учрайди. Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари фонида январ ойларининг кўпи меъёрдан илиқ ўтаётгани кузатилмоқда. Хусусан, 2016, 2019, 2022 ва 2024 йилларда ҳаво ҳарорати одатдагидан сезиларли даражада юқори бўлган.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 2026 йил январ ойининг дастлабки кунларида республика ҳудудида қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво сақланиб туради. 3 январ атрофида нам ҳаво массалари кириб келиши сабаб ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда эса қор билан алмашиши мумкин. Текислик ҳудудларда қор қоплами қисқа муддатли бўлиши ёки умуман шаклланмаслиги эҳтимоли юқори.
Ой ўрталаридан бошлаб ҳаво ҳарорати аста-секин пасая бошлайди. Учинчи ўн кунликда совуқ тўлқинлар кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда кечаси 15–25 даража совуқ қайд этилиши мумкин.







