Жамият

Тарағай қишлоғидаги уч ҳайкал кимники?

Амир Темур бобомизнинг дунё тамаддунида тутган ўрни беқиёс. Шу боис бугунги кунга қадар бобокалонимиз билан боғлиқ воқеалар, обидалар, тарихий манзиллар бутун дунё сайёҳларининг эътиборини оҳанрабодек ўзига ром этиб келади.

Тарағай қишлоғидаги уч ҳайкал кимники?

 

 

 

Қашқадарё вилояти ҳам соҳибқирон туғилиб ўсган юрт сифатида тарихда қолган ва воҳада буюк саркарда ҳаёти билан боғлиқ манзиллар талайгина. Вилоятнинг чекка ҳудудларида бобокалонимизнинг аждодлари билан боғлиқ яна бир ҳудуд борки, у ер ҳақидаги қизиқарли маълумотлар ҳали кўпчиликка маълум эмас. Бу Чироқчи туманидаги Тарағай қишлоғидир. Шу ерлик кекса отахонларнинг айтишича, бу қишлоқ Амир Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай Баҳодир номи билан аталади. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдирар экан. Тарихдан маълумки, бу тилак ижобат бўлди. Шундан бўлса керак Амир Темур ҳам ўзининг суюкли невараси Улуғбекка даставвал Тарағай деб исм қўйган экан.

 

Яна бир жиҳат — Тарағайнинг мангуликка дахлдор ёдгорликлари Амир Темур ғори. Ғор ниҳоятда улкан. Ичкарига кирийб 50 метр юрилгач, уч томонга йўл кетади. Бироқ ҳеч ким бу йўлларнинг охиригача борган эмас. Ушбу ғор ҳозиргача яширин тилсимлари билан кишиларни ўзига жалб этиб келмоқда. Тоғли Тарағайнинг юқорисида эса «Дунётепа» тарихий ёдгорлиги жойлашган. Мазкур тепалик улкан даранинг шундай қисмида ўрнашганки, унинг устидан туриб, Чироқчи тарафга қаралганида, ўнлаб чақирим масофа кўз олдингизда намоён бўлади.

 

Ушбу масканда Амир Темур ғорига чиқиб кетиш йўлида бобокалонимиз ҳайкали жойлашган бўлиб, Соҳибқирон маслаҳатчилари Фахриддин Тусий ва Ҳофизи Абрўлар билан бирга тургани тасвирланади. Аммо ушбу ҳайкални кўрган одамда буткул бошқача фикр уйғонади. Гўёки, одам ўзини Пасха оролидаги ҳайкаллар ичига тушиб қолгандек тасаввур этади. Ушбу ҳайкал тарихи билан қизиқдик.

 

— Бу ҳайкал 1996 йилда бунёд этилган, — дейди Тарағай қишлоғи фаоли Илёс Тошпўлатов. — Ҳайкалнинг супаси икки қаватдан иборат. Таг супаси 11х7 метр, иккинчи супаси 3х4 метр. Супанинг қурилиши ва ҳайкал олдидаги иккита фаввора қишлоқ одамлари ёрдамида дарёдан тош, қум чиқариб, ҳашар йўли билан барпо этилган. “Дунётепа” пастидан ҳайкалгача 1 550 та зинапояли бетон йўлак бор. Режага кўра, аслида, ушбу ерни Соҳибқирон қадамжоси  сифатида расмийлаштириш керак эди. Бироқ бу иш ҳанузгача, мавҳумлигича қолмоқда. Бу масала юзасидан кўп жойларга мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади.

 

Тарағай қишлоғининг яна бир фаоли Олим Холиқовнинг айтишича,  Амир Темур ҳайкалининг боши шу ерга келган меҳмонлар томонидан синдириб кетилган. Ҳайкал бошсиз турмасин, деган мақсадда асли касби ўқитувчи бўлган Саъдулла Бўтаев ташаббуси билан ҳайкалнинг бош қисми ҳозирги кўринишда, қайтадан ясалган. Кейинчалик қаровсизликдан қор-ёмғир остида қолиб, хароб ҳолга келиб қолган.

 

Тарағай қишлоғига нафақат юртимиз вилоятларидан, балки чет элдан ҳам зиёратчи-меҳмонлар кўп келади. Уларга улуғ аждодларимизни мана шундай xароб ҳолда танитишимиз қанчалар ўринли? 

 

 

Жорий йилнинг феврал ойида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг Тарағай қишлоғига ташрифи чоғида: “Биз Маданият вазирлигига хат билан чиқамиз. Бу ҳолатга бефарқ қараб бўлмайди. Бу баланд тоғларга мос ҳайкал керак", — дея алоҳида таъкидлаган эди. Аммо орадан олти ой ўтганига қарамай, ҳайкал ҳамон ўша “виқор”да бўй кўрсатиб турибди.

 

 

 

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Вилоят маданий мерос агентлиги ходими Ҳислат Хотамов билан боғландик:

 

— Ҳайкални бузиш учун илмий кенгаш қарори керак. Август ойи охирига қадар ҳайкални олиб ташлаб, ўрнига Амир Темурнинг ёшлик пайтидаги ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган.

 

Буюк саркарда бобомиз дунё саҳнида ўзига хос ўринга эга. Темур ва Темурийлар тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлган Тарағай қишлоғида Соҳибқироннинг ҳайкали бундай хароб ҳолда туришининг ўзи таажжубли. Ўйлаймизки, мутасаддилар таъкидлаганидек, бу иш август ойида қайта тикланади ва "Дунётепа" ёдгорлиги ҳузурига маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳларни қайтадан жалб этади.

                                              

Зайниддин Норқувватов

custom img

АҚШда ўзбекистонлик талаба вафот этди

Марҳум Stony Brook университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналишида таҳсил олаётган бўлган.

custom img

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

custom img

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

custom img

Тошкентда фуқаро Tracker да бир гуруҳ кишиларни қассдан уриб юборди

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий ахборот берди.

custom img

Ўзбекистонликлар январь ойида яшаш ва овқатланиш учун 13,8 трлн сўм сарфлади

Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 27,1 фоизга ўсган.

custom img

Измирда тўртинчи қаватдан тушиб кетган ўзбекистонлик аёл шифохонада вафот этди

Mарҳуманинг жасади 23 март куни Истанбул–Андижон рейси билан Ўзбекистонга олиб келинмоқда.

custom img

“Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йил 1-мавсуми ғолиблари эълон қилинди

Жараён давомида фуқаролардан 21 049 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 17 424 таси саралаш босқичидан ўтган.

custom img

Метрода поездлар ҳаракати оралиғи қисқаради

Янги тартиб 4 сентябрдан амал қилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"