Сўнгги беш йиллик: соҳада кўплаб имкониятлар яратди
Сўнгги беш йилликда олиб борилган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилгани ҳеч биримизга сир эмас.

Мазкур кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихини тиклаш, унутилиб кетаётган миллий анъана ва қадриятларимизни ёш авлодга аслича етказиш мақсадида, Ўзбек миллий мақом санъати, Республика Бахшичилик санъати марказлари, Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа институти, ҳудудларда намунавий мақом ва Бахшичилик ансамбллари ташкил этилди. Бундан ташқари, фаолияти миллий ва жаҳон маданияти намуналари билан аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатишга қаратилган Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси, ва Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолияти йўлга қўйилди.
Энг қувонарлиси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази ҳузурида Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида “Мақом музейи” ташкил этилди. Шунингдек, “Шарқ мусиқаси атамаларининг қисқача изоҳли луғати” нашрга тайёрланиб, “Мақом асослари” қўлёзмаси, “Хоразм мақомлари”, “Бухоро шашмақоми”, “Ўзбек мақомлари” китоблари ўзбек, рус ва инглиз тилларида, “Мақом асослари”, “Бастакорлар ижоди” номли ўқув қўлланмалари ҳамда Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодига бағишланган 3 та китоб нашр этилди.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан алоҳида эътибор қаратилган, халқона ижро йўналишларидан бири бўлган Бахшичилик санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Халқаро Бахшичилик санъати” фестивалининг ташкил этилиши бу санъатни тарғиб этиш ва дунё ҳамжамиятига намойиш этишда замин яратмоқда.
Бир сўз билан айтганда, маданият ва санъат соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, тадбиқ этилишга муҳтож бўлиб турган икки санъат йўналиши — мақом ва бахшичиликни ривожлантириш, кенг тарғиб этиш ва дунё ҳамжамиятига намойиш этиш борасида амалга оширилган ишлар, ҳалқаро ҳамкорликларнинг самарали йўлга қўйилганлиги, таълим соҳасидаги инновацияларнинг амалиётга тадбиқ этилиши ва қатор амалий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси тўлиқ шаклланганидан далолат, десак асло муболаға бўлмайди.
Сўнгги беш йиллик ислоҳотлари бизга ҳам ички ҳам дунё миқёсидаги катта имкониятлар эшигини очди. Бугун эришаётган ютуқларимизни бутун жаҳон эътироф этаётганлиги, биз билан ҳар жабҳада ҳамкорликка тайёр эканлиги бунинг яққол мисолидир.
Озодбек Назарбеков,
Маданият вазири







