“O‘zbekfilm” миллий кинокомпанияси ташкил этилади: кино соҳасида янги ислоҳотлар
Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси ташкил этилади.

«Кинематография соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва “O‘zbekfilm” миллий кино брендини яратишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони (ПФ–250-сон, 2026 йил 21 ноябрь) қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, кинематография соҳасига замонавий бошқарув моделини жорий этиш, такрорланувчи ваколатларни мақбуллаштириш ҳамда миллий киноиндустрияни босқичма-босқич иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш асосий мақсадлар этиб белгиланди.
Шунингдек, «O‘zbekfilm» миллий кино брендини яратиш ва оммалаштириш, кино лойиҳаларини молиялаштириш, ишлаб чиқариш ҳамда муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш кўзда тутилган.
Фармонга мувофиқ, Маданият вазирлиги муассислигида «O‘zbekfilm» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Шунингдек, «Қорақалпоқфильм» давлат муассасаси негизида Миллий кинокомпания ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида «Қорақалпоқфильм» масъулияти чекланган жамияти тузилади.
Бундан ташқари, Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида Киношунослар клуби ташкил этилади.
Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмасини қўшиб юбориш орқали Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатасини ташкил этиш ҳам белгиланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси ташкил этилади.








