Исроил ҳужумлари Ғазони “заҳарли хароба”га айлантирди — Oxfam
Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари сув, тупроқ ва ҳавонинг кенг кўламда ифлосланишига олиб келиб, аҳоли саломатлиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Исроилнинг Ғазога қарши ҳарбий амалиётлари оқибатида ҳудуднинг 99 фоизидан ортиғида экологик ифлосланиш юзага келган. Заҳарланган сув, ифлосланган тупроқ ва вайроналардан тарқалаётган зарарли моддалар 2,3 миллион фаластинликнинг саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Oxfam халқаро хайрия ташкилоти ва Можаролар ва атроф-муҳитни кузатиш маркази (CEOBS) ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботда қайд этилишича, Исроилнинг портловчи ва ёндирувчи қуроллардан фойдаланиши, бинолар ва инфратузилмани вайрон қилиши Ғазода ҳаво, сув, тупроқ ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланишига сабаб бўлган. Таҳлил сунъий йўлдош тасвирлари, масофадан зондлаш, илмий тадқиқотлар ва очиқ манбалардаги маълумотларга асосланган.
Oxfam халқаро ижрочи директори Амитабҳ Беҳар Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат ҳозирги аҳоли, балки келажак авлодлар ҳаётига ҳам таҳдид солади. Ташкилот ифлосланган ҳаво, сув, озиқ-овқат ва тупроқ орқали фаластинликлар турли заҳарли моддаларга дуч келаётганини билдирган.
Ғазода 61 миллион тонна вайрона ҳосил бўлган
БМТ Атроф-муҳит дастури ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бошланган ҳужумлар натижасида Ғазода 61 миллион тонна вайрона ҳосил бўлган. Бу ҳудудда яшаётган ҳар бир кишига ўртача 29 тоннадан тўғри келади.
Oxfam маълумотига кўра, 2025 йил 11 октябрь ҳолатида Исроилнинг қуруқликдаги ҳарбий амалиётлари Ғазо ҳудудининг 78 фоизига бевосита таъсир кўрсатган. Вайроналарни олиб чиқиш учун 2,1 миллион юк машинаси қатнови талаб этилади.
Ҳисоботда Ғазо ҳудудининг 99 фоизидан ортиғида камида битта эҳтимолий ифлосланиш манбаи мавжудлиги аниқланган. Энг юқори хавф Ғазо шаҳри, Хон Юнис, Рафаҳ, Жабалия ва Салоҳиддин кўчаси йўналишида қайд этилган. Портламай қолган ўқ-дорилар, шикастланган транспорт воситалари, аккумуляторлар ва ёқилғи захиралари тупроқ ҳамда ерости сувларига зарар етказиши мумкин.
Сув таъминоти 61 фоизга камайган
Фаластин сув идораси маълумотларига кўра, Ғазода кунлик сув таъминоти 2023 йил октябригача 334 минг куб метрни ташкил этган бўлса, 2024 йил июнида 54,7 минг куб метргача тушган. 2026 йил апрелига келиб, фавқулодда таъмирлаш ишлари натижасида бу кўрсаткич 130,3 минг куб метрга етган. Шунга қарамай, сув таъминоти ҳужумлардан олдинги даражадан 61 фоизга камлигича қолмоқда.
61 та сув резервуаридан фақат 9 таси ишламоқда. Уларнинг умумий сиғими ҳар бир кишига бир кун давомида 18 литр сув етказиб беришга имкон беради.
Бундан ташқари, 2024 йил апрелига келиб, Ғазодаги олтита оқова сувни тозалаш иншоотининг барчаси вайрон қилинган. Ҳар куни Ўрта ер денгизига тахминан 40 минг куб метр тозаланмаган оқова сув оқиб тушмоқда. 2026 йил апрелида канализация тармоғининг атиги 30 фоизи ва насос станцияларининг 19 фоизи қисман ишлаётган эди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етган
Oxfam ҳисоботига кўра, 2023 йил октябригача Ғазодаги фермер хўжаликлари аҳоли истеъмол қиладиган янги сабзавотларнинг 95 фоизини етказиб берган. 2025 йил охирига келиб эса экин майдонларининг 87 фоиздан ортиғи зарар кўрган, атиги 3 фоизи фойдаланиш мумкин бўлган ва шикастланмаган ҳолда қолган.
Шунингдек, 7 200 дан ортиқ иссиқхона зарар кўрган, бир миллиондан ортиқ зайтун дарахти илдизи билан қўпориб ташланган. Уруғларни сақлаш ва тарқатиш билан шуғулланган объектлар ҳам вайрон қилинган.
2026 йил июлида Ғазода 1,2 миллион киши ёки аҳолининг 59 фоизи озиқ-овқат танқислигининг инқироз даражаси ва ундан оғир шароитда яшаган. Ҳисоботда қорамолларнинг қарийб 95 фоизи йўқотилгани, балиқчилик кескин қисқаргани ҳам қайд этилган.
Аҳоли саломатлиги учун хавфлар ортмоқда
Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–февраль ойларида Ғазода ўткир респиратор инфекцияларнинг 1,9 миллиондан ортиқ ҳолати ва ўткир диареянинг қарийб 81 мингта ҳолати қайд этилган. Диарея билан касалланганларнинг 36 мингдан ортиғи беш ёшгача бўлган болалардир.
2024 йилда Ғазодаги оқова сувларда полиовируснинг 2-тури аниқланган. Кейинчалик бир болада фалажликка олиб келувчи полиомиелит қайд этилган. Бу ҳудудда 25 йил ичида аниқланган илк шундай ҳолат бўлган.
Oxfam маълумотига кўра, Ғазонинг ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 83 фоизга камайиб, 362 миллион долларни ташкил этган. 2025 йил октябрига келиб, бевосита жисмоний зарар 35,2 миллиард доллар, иқтисодий йўқотишлар эса 22,7 миллиард долларга баҳоланган.
Ҳудудни тиклаш ва қайта қуриш учун кейинги ўн йил давомида 71,4 миллиард доллар талаб этилиши тахмин қилинмоқда. Шундан 26,3 миллиард доллари дастлабки 18 ойда зарур бўлади.
Oxfam Ғазодаги экологик ва инфратузилмавий зарар оқибатларини аниқлаш учун тўлиқ мустақил текширув ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. Ташкилот ҳудудни тиклаш бўйича беш босқичли режани ҳам таклиф қилган. У ифлосланиш хавфини камайтириш, текширувлар ўтказиш, муҳим инфратузилмани таъмирлаш, заҳарли чиқиндиларни бошқариш ва узоқ муддатли экологик мониторингни йўлга қўйишни ўз ичига олади.
Ҳисоботда Ғазодаги сув, озиқ-овқат ва санитария тизимларининг вайрон қилиниши Исроилнинг халқаро ҳуқуқ, жумладан, Геноцид конвенцияси бўйича мажбуриятларига риоя этган-этмаганини баҳолашда аҳамиятли бўлиши мумкинлиги қайд этилган.








