Сайлов менда катта таассурот қолдирди – покистонлик кузатувчи
Zamon.uz мухбири Покистондан келган халқаро кузатувчи фикрлари билан қизиқди.

Профессор Қосим Жон, Пешовар Университети профессори, Покистон:
— Аввало Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасининг кузатувчи сифатида таклиф қилганидан миннатдорман. Сайловлар жуда муҳим жараён. Ҳукумат ва одамлар ўз келажагини айнан сайловларда белгилайди.
Кеча тўртта сайлов участкасига бордим. Ундаги жараёнлар менда катта таассурот қолдирди. Биринчидан, одамлар сайловда иштирок этиш учун эрта тонгданоқ кела бошлади. Участкалардан бирида, соат 9:00 бўлишига қарамай, 200 га яқин сайловчи келди.
Сўнгги участкага 15:00 да бордим ва сайловда қанча одам қатнашгани билан қизиқдим. Менга сайловчиларнинг 70 фоизга яқини овоз бериб бўлганини айтишди. Бу жуда яхши иштирок.
Яна бир муҳим жиҳат –– сайловнинг эркинлиги. Ҳеч қайси партия ўз номзодига овоз беришни сўрамайди. Одамларда ўзи муносиб кўрган номзодни танлаш имкони мавжуд.
Учинчидан, сайловлар шаффоф бўлиб ўтди. Участкаларда барча партия вакиллари бор эди. Айнан шаффофлик – сайловлардаги энг муҳим жиҳат.
Сайлов яхши ташкил этилган. Одамлар ўз сайлов участкаларини топишлари учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Шу билан бирга ОАВга яхши шароитлар яратиб берилган.
Аввалроқ россиялик кузатувчининг сайлов ҳақидаги фикрлари хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев







