“Янги Ўзбекистон массивлари” инсон қадри учун хизмат қилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида “Янги Ўзбекистон массивлари”ни барпо этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.

“Янги Ўзбекистон массивлари” комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилади. Бунда ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади.
Демак, бу массивлар аҳолиси ўз уйи яқинида ишли бўлиш, яхши даромад топиб, фарзандларини замонавий таълим муассасаларида ўқитиб, ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказиши мумкин.
Таъкидлаш жоиз, “Янги Ўзбекистон массивлари” мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида бошланаётган янги, ўз навбатида, муҳим халқчил лойиҳа ҳисобланади.
Маълумот учун: Ўзбекистонда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳ қайд этилмоқда. Мамлакатимиз нуфуси эса келгуси беш йилда 38 миллионга етиши прогноз қилинган.
Ҳар бир ҳудудда 3 тадан янги массив барпо этилади
Бу ҳақда таъкидлаган Президент Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари вилоят ҳокимлари билан бирга 1 ой муддатда ҳар бир ҳудудда камида 3 тадан ер майдонини аниқлаб, жами 40 та уй-жой массивини барпо этиш бўйича танловларни бошлаш бўйича топшириқ берди.
– Бунда ерлар очиқ аукционга чиқарилади ва қайси тадбиркор уйнинг нархини арзон қилиб бериш мажбуриятини олса, унга афзалликлар берилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
2022 йил: янги массивлардаги уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёлларга берилади
Президент Шавкат Мирзиёв келгуси йили “Янги Ўзбекистон массивлари”да қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олиниши ҳақида маълум қилди.
Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилиши айтилди.







