Ўзбекистон — Россия: Тошкентда сайёҳлик форуми бўлиб ўтди
Россия Федерацияси Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликда етакчи ўринлардан бирини эгаллаган.

Ўзбекистон — Россия минтақалараро ҳамкорликнинг иккинчи форуми доирасида видеоконференсалоқа форматида икки мамлакат ўртасида сайёҳлик форуми ўтказилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, иштирокчилар юртимизнинг сайёҳлик марказлари ва қадимий шаҳарлари билан яқиндан танишди.
“Бугунги кунда мамлакатда сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш ва буни Россияда оммалаштириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Мисол тариқасида, жорий йилда вазирлик вакиллари ва республика туроператорларидан иборат делегация Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Махачкала ва Грозний шаҳарларида “Ўзбекистонга саёҳат қил” номли промо-тадбирини ўтказди. АТОР билан ҳамкорлик доирасида Туризм ва спорт вазирлиги Ассоциациянинг тўғридан-тўғри ҳамкори бўлиб, Россиянинг сайёҳлик компаниялари учун махсус лендинг, таълим ва сертификация тизимини яратиш йўли билан Ўзбекистон Академияси ташкил этилган”, — деди Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирнинг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов.
Россия томони ўзбекистонлик ҳамкасбларини Россияда туризм соҳасини ривожлантириш дастурлари, пандемия даврида туризм индустриясини тубдан ўзгартириш, ҳудудларда саноат, дам олиш ва тиббиёт туризмини ривожлантириш борасидаги ишлар билан таништирди.
“Россия Ишбилармонлари”ни ривожлантириш қўмитаси раҳбари, “ВЛ ТРАВEЛ” компанияси президенти Елена Кривенкова Россияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари барчага маълум ҳамда россиялик саёҳатчилар мамлакатингизга мамнуният билан ташриф буюришрини таъкидлади. E.Krivenkova Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро сайёҳлик оқими тез орада ортишига умид билдирди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга экани, томонлар янада фаол ва кенг кўламда ҳамкорлик қилиши зарурлиги қайд этилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон ва Россия туризм бизнесини янада фаолроқ қўллаб-қувватлашга келишиб олишди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳамда Россиянинг кенг оммалашишига, ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва анъаналарини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилади.
Маълумот учун: тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризм, спорт ва маданият масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон туризм ассоциациялари мутасадди раҳбарлари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистондаги элчиси Улуғбек Мақсудов “Ваҳатал ҳарир” туристик компанияси раҳбари Абдулмажид бин Абдулазиз билан учрашганди.
Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов Глазгодаги иқлим масалалари бўйича халқаро саммитда иштирок этгани, THE NEW YORK TIMES газетасининг саҳифаларида Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ёритилиши, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Бельгия жамоатчилиги диққат марказида бўлгани, Ўзбекистонда барча турдаги меҳмонхоналарга сертификат бериш муддати 15 кунга қисқаргани, Қўқон Туркий кенгашнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилингани ҳамда жаҳон мусулмонлари саёҳати индекси рейтингида Ўзбекистон 16-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилганди.







