Азиз Абдуҳакимов Глазгодаги иқлим масалалари бўйича халқаро саммитда иштирок этди
Туризм ва спорт вазири иқлим ўзгариши замонавий дунёнинг асосий таҳдидларидан бири эканини таъкидлади.

БМТнинг Глазгодаги иқлим масалалари бўйича халқаро саммитида Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Абдуҳакимов ўз чиқишида иқлим ўзгариши – замонавий дунёнинг асосий таҳдидларидан бири эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Орол денгизи қуриши оқибатида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баробарга тезроқ юз бераётгани алоҳида қайд этилди.
Вазир Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтишда комплекс Стратегия амалга оширилаётганини маълум қилган. Шу билан бирга ҳар йили, хусусан, 2021 йилда 200 миллион дарахт кўчати экилиши ҳақида маълумот берилган.
Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, 2030 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида энергетика самарадорлиги икки баробар оширилиб, унда қайта тикланувчи энергия улуши 25 фоизни ташкил этади. Шунингдек, у Республика Париж келишуви доирасида иссиқхона газларининг атмосферага чиқарилишини камайтириш мақсадида қўшимча мажбуриятлар олганини маълум қилган.
Аввалроқ олимлар глобал иқлим исиши туфайли Ерда ҳаёт чидаб бўлмас даражага етишидан огоҳлантирганди.
Жаҳонгир Қўзиев







