Чекловлар кўпайиб кетди дегани бу чекловлар бўлмаслиги керак дегани эмас – Русланбек Давлетов
Адлия вазири ТikTok ва Тwitter блокланиши бўйича фикр билдирди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов "Тошкент ёшлар форуми — 2021" доирасидаги тадбирда Ўзбекистонда ТikTok ва Twitter'нинг блокланиши бўйича саволга жавоб берди.
"Чекловлар кўпайиб кетди дегани бу чекловлар бўлмаслиги керак дегани эмас. Қаерда бўлса ҳам, мақбул даражада бўлиши керак деб ҳисоблайман. Ижтимоий тармоқларга келадиган бўлсак, мен ахборот алмашинувида эркинлик тарафдориман. Бугунги замонда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, уни жиловлай олмайсиз.
Ахборот алмашинуви доим бўлиши керак, бу билимни кучайтиради. Аммо ноқонуний контент ҳар доим бўлади. Ноқонуний контент нима? Бу терроризмга бошловчи чорловлар, диний адоватларни қўзғатувчи материаллар, порнография ёки зўравонлик ҳақидаги материаллар. Ривожланган давлатларда буларнинг барчаси қонун билан тартибга солинган. Қонун билан ишласак янглишмаймиз", - деди Давлетов.
Аввалроқ TikTok дунёдаги энг кўп юкланган иловага айлангани ва Украинада жаҳондаги биринчи TikTok факультети очилгани ҳақида хабар берилганди.
Жавоҳирбек Турсунов








