Ўйин саноатида рекорд: GTA VI илк кунидаёқ қарийб 4 миллиард доллар даромад келтирди
Бу кўрсаткич 2013 йилда чиқарилган GTA V’нинг дастлабки уч кунлик 1 миллиард долларлик натижасидан қарийб тўрт баравар юқори.

Grand Theft Auto VI (GTA VI) видеоўйини сотувга чиқарилган илк кунидаёқ 3,79 миллиард доллар даромад келтирди. Бу кўрсаткич ўйинлар саноатида рекорд бўлди. Бу ҳақда ўйинни тарқатувчи Take-Two Interactive Software компаниясига таяниб Bloomberg хабар берди.
Take-Two маълумотларига кўра, GTA VI учун қарийб 32,5 миллионта олдиндан буюртма расмийлаштирилган. Бу ҳам рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Таққослаш учун, сериянинг аввалги қисми — GTA V 2013 йилда сотувга чиқарилганидан кейинги дастлабки уч кун ичида 1 миллиард доллар даромад келтирган. Ўшанда у энг тез сотилган кўнгилочар маҳсулотга айланган ва Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Business Insider нашрининг ёзишича, янги ўйиннинг юқори даромадида унинг нархи ҳам муҳим роль ўйнаган бўлиши мумкин. GTA VI’нинг стандарт версияси 80 доллар, Ultimate Edition версияси эса 100 доллар туради. GTA В’нинг тегишли версиялари эса 60 ва 80 доллардан сотилган.
Newzoo таҳлилий компанияси ёзда GTA VI’нинг дастлабки бир ҳафтадаги глобал савдоси 3,3–5,2 миллиард долларга етишини прогноз қилган эди.
Ўйин ҳозирча PlayStation 5, Xbox Series X ва Xbox Series S консоллари учун чиқарилган. Rockstar Games компьютерлар учун версиянинг чиқиш санасини ҳозирча эълон қилмаган. Унинг компьютер версияси ҳам харидорлар қизиқишини ошириши кутилмоқда.








