Марказий Осиё 2022 йилда: намойишлар, ҳокимият алмашинуви, чегара можаролари

2022 йил Марказий Осиёни том маънода титратди, дейиш мумкин. Турли намойишлар, чегара можаролари ва бошқа ҳодисалар катта синов бўлди.

Марказий Осиё 2022 йилда: намойишлар, ҳокимият алмашинуви, чегара можаролари

 

Қозоғистон: қонли январь воқеалари

 

2022 йилнинг 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди. 4 январда намойишлар авж олиб, бутун мамлакатга тарқалди, 5 январь куни эса бутун Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Банклар ёпилган, намойишчилар бир қанча ҳукумат биноларини қамал қилиб эгаллашган, Олмаотада супермаркетлар ва дўконлар таланганди. Полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан. Оқибатда ўнлаб кишилар ҳалок бўлган. Тўполонлар фонида Қосим-Жўмарт Тоқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан олди. У 2019 йилда президентликдан кетгач, умрбод ушбу лавозимда қолиши кутилганди.

 

Президент Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқариш ортидан ўзи Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида Назарбоевнинг ўрнини эгаллади. Президент аввалига айрим вилоятларда, кейин бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда режим эълон қилди, мамлакатга хориждан келадиган рейслар тўхтатилди. Олмаотада намойишчилар ҳокимият биноси, президент қароргоҳи ва аэропортни эгаллаб, шаҳарда талончилик ҳаракатлари бошлангач, президент КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. КХШТ Қозоғистонга тинчликпарвар кучларини жўнатди.

 

Тоқаев миллатга мурожаатида намойишлар ортида “молиявий жиҳатдан мотивларга эга шахслар” тургани ва уларнинг бу борада “пухта ишлаб чиқилган режаси” борлигини айтиб, максимал даражада қатъий ҳаракат қилишини билдирди. У Олмаотада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига оммавий ҳужумлар кетаётгани, жиноятчилар ҳарбий хизматчиларни камситаётганини, аёллар зўравонликка учраётгани ва дўконлар таланаётганини айтиб ўтди.

 

У мамлакатдаги нотинч вазиятда Энергетика вазирлиги, шунингдек, «Казмунайгаз» ва «Казакгаз» компанияларини айблади.

 

КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучларининг асосий вазифалари муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни ҳуқуқий майдонга қайтаришда Қозоғистон Республикасининг ҳуқуқ-тартибот кучларига ёрдам беришдан иборат экани айтилган. Россиядан ушбу амалиётларга 5000 нафар ҳарбий жалб этилган. Шунингдек, Беларус 500, Тожикистон 200, Арманистон 70 нафар ҳарбий жўнатади. Қирғизистон эса фаоллар норозилиги туфайли қўшни мамлакатга ўз ҳарбийларини киритмайдиган бўлди.

 

Қозоғистондаги воқеалар юзасидан турли давлатлар турли даражада муносабат билдирган. Қўшни давлатлар, Евроиттифоқ, Россия ТИВ, Хитой, ЕХҲТ, БМТ,  Ўзбекистон ТИВ баёнотида Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонч билдирилган.

 

АҚШ Давлат департаменти Қозоғистондаги зўравонликни қоралаб, вазминликка чақирди. Бу орада эса мамлакатда аксилтеррор амалиётлар бошланиб кетди. Олмаотада тартибсизликларда қатнашган 2 мингга яқин намойишчи қўлга олинган.

 

Нотинч вазият мамлакатнинг энг бой одамлари учун катта зарба бўлди. Қозоғистоннинг энг машҳур бизнеслари ортида турган миллиардерлар даромадини йўқотган. Маҳаллий 4 нафар  миллиардер 3 миллиард доллар ёқотган, булар қаторида собиқ президентнинг қизи ва куёви ҳам бор.

 

Туркманистон: Отадан ўғилга ўтган лавозим

 

Туркманистонда 2022 йил муҳим ўзгаришлар билан тарихда қолади. 11 февраль куни Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида мамлакатни 15 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарликни ёшларга топшириш ва фаолиятини Халқ маслаҳати раиси сифатида давом эттириш ниятини эълон қилди.

 

1 март куни Туркманистон президенти вазифасини бажарувчи Гурбангули Бердимуҳамедов биринчи чақириқ Халқ Маслаҳати аъзолари, парламент депутатлари билан учрашув ўтказди. Бердимуҳамедов йиғилганларга мамлакат конституциясини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда давлат органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўриб чиқишни топширган.

 

15 февраль куни Бердимуҳамедовнинг ўғли, иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов бўлажак сайловларда мамлакат президентлигига биринчилардан бўлиб номзодини қўйди.

 

Кейинроқ туркман мухолифатининг хориждаги вакиллари ҳам президентлик сайловларида қатнашиш истагини маълум қилган. Улар онлайн овоз бериш усулини таклиф қилган.

 

Мамлакатда 12 март куни бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловларида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов ғалаба қозонди — у 72,97 фоиз овоз тўплаган. Туркманистондаги сайловларда жами 9 нафар номзод иштирок этган.

 

Тожикистон: Тоғли Бадахшон можароси

 

Тожикистондаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида май ойининг ўрталарига келиб можаролар бошланди. 14 май куни Хоруғ шаҳрида юзлаб одамлар йиғилиб, Тоғли Бадахшон автономияси раҳбари Алишер Мирзонабот ҳамда шаҳар мери Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилишди. Тўпланганлар, шунингдек, вилоят марказидаги барча блокпостларни олиб ташлаш, бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатиш, ўтган йили ноябрь ойида бўлган воқеаларни ҳаққоний тергов қилиш, қўлга олинган ва қамоққа ташланган фаолларни қўйиб юборишни талаб этишди.

 

Намойишчилар маҳаллий ҳукуматга ўзлари сўраётган талаблар бажарилиши учун 16 май куни соат 16:00 гача муҳлат беришди. Тоғли Бадахшон автономияси раҳбарияти ҳудуд раҳбарлари истеъфоси тўғрисидаги талабларни ноқонуний деб атаб, уни бажаришдан бош тортди.

 

Бу жавобдан кейин 16 май куни намойишчилар гуруҳи Тоғли Бадахшон автономияси администрацияси биноси томон боришди. Уларнинг йўлини тўсган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари намойишчиларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқлар ишлатган. Расмий маълумотларга кўра, бир неча ҳарбий жароҳат олган, бир хоруғлик ҳалок бўлган.

 

18 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини эълон қилди. Вазирлик ахборотида намойишчилар хорижий террористик гуруҳлар молиявий кўмаги билан мамлакатдаги конституцион тузумни ағдаришга урингани таъкидланади. Намойишчилар Душанбе-Хоруғ йўлини тўсиб қўйишган. 18 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда аксилтеррорчилик операциясини эълон қилди. Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган аксилтеррор амалиёт давомида 8 киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган, 70 дан ортиқ одам қўлга олинган. Улардан қуролларини топшириш ва таслим бўлиш сўралган.

 

Қорақалпоғистон: Нукус воқеалари

 

1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар кутилмаганда кўча намойишларини ташкил қилиб, Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирди. Айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари намойишларга сабаб бўлган. Намойиш етакчиси D.Tajimuratov масжид ёнида ва Нукус деҳқон бозори ичида намойишчиларга Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиши ва ўзини республика раҳбари деб эълон қилиш бўйича сепаратистик даъватлар қилган.

 

Кейинчалик маълум қилинишича, намойишлар аниқ режа асосида ва конкрет шахслар томонидан мувофиқлаштириб турилган. Чунки қисқа вақт ичида жуда кўпчилик сафарбар қилинган, уларга спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар тарқатилган. Бу факт намойишчилар орасида тан жароҳати олиб вафот этган 14 нафар шахсдан 13 нафарида мурдаси суд-тиббий экспертизадан ўтказилган таҳлилларда спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар топилгани ҳамда кўплаб суриштирувлар натижасида тасдиғини топган.

 

Тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ фуқаролар қўлга олинган.

 

Жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

 

Қисқа фурсатда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. 2 июль куниёқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга учиб борди ва Жўқорғи кенгесда сўзга чиқди.

 

Июль ойидаёқ Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузилган, унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилиши хабар қилинганди.

 

28 ноябрь куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган. Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланётганини маълум қилган.

 

Тожикистон-Қирғизистон чегара можароси

 

2022 йил 22 июль куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли можаро юз берди. Оқибатда беш киши жабрланди.

 

Можаро икки мамлакат фуқаролари ўртасида юз берди. Бунга Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолиси ўз қишлоқларига кираверишда флагшток ўрнатиши сабаб бўлди. Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи аҳолиси ҳам флагшток ўрнатилишига қарши бўлган. Ўртада даҳанаки жанжал бошланган. Натижада томонлардан бири қурол ишлатган. Маълумотларга кўра, фуқаролар ов қуролидан ўқ узган. Воқеа жойига икки давлат чегара хизмати вакиллари етиб келган.

 

Тожик томоннинг маълум қилишича, чегарадаги можарода 16 тожикистонлик жабрланган, милициянинг бир ходими оғир яраланган.

 

custom img

Нью-Йоркда ўзбекистонлик аёлнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи ҳибсга олинди

Мазкур иш бўйича суд мажлиси 18 майга белгиланган.

custom img

АҚШ Эрондан қўрқдими?

Бундан бир ой олдин президент Доналд Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш тартиби кучга кирган вақтида, урушни бутунлай тугаши учун Эронга Ҳормуз бўғозини очиш ва ядро дастуридан воз кечиш шартини қўйган эди. Агар бу шартини бажармаса ҳужумни яна қайта бошлаш билан қўрқитган эди. Бироқ кеча, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШнинг Эронга қарши бошлаган “Эпик Ғазаб” ҳарбий операцияси якунланганини маълум қилди.

custom img

“Танқидларим Мирзамаҳмудовга қаратилмаган, ким вазир бўлса ҳам фикрларимни айтавераман” — Бакиров

Жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров  Ўзбекистонда сўз эркинлигига таъсир кўрсатаётган қонунчилик базаси юзасидан жиддий хавотирларини билдирди ва жамоатчиликнинг кенг қўллаб-қувватлаши учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

custom img

Хитойнинг собиқ мудофаа вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди

Собиқ вазир пора олиш ва беришда айбдор деб топилган.

custom img

Нурободда 50 минг гектар майдонда писта плантациялари барпо этилади

Ушбу тадбирларнинг дастлабки босқичида 500 нафар маҳаллий аҳолини пудрат шартномалари асосида иш билан таъминлаш режалаштирилган.

custom img

Арманистон бош вазири Москвадаги 9 май тадбирларида қатнашмайди

Россия ТИВ Никол Пашиняннинг мазкур қарорига эътироз билдирди.

custom img

Каркидон туризм мажмуаси: табиат ва замонавийлик уйғунлашган маскан

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда.

custom img

Ўзбекистон Президенти Австрия делегациясини қабул қилди

Ушбу ташриф доирасида қўшма бизнес форуми ўтказилди, меҳнат миграцияси, дипломатик хизмат ва солиққа тортиш соҳаларида муҳим битимлар имзоланди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"