Бахтиёр Саидов Украина элчиси билан учрашди
Мулоқотда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

2 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Украинанинг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенкони қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон — Украина икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий йўналишда алоқаларни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан ТИВда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ишбилармон доираларига ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш масалаларини муҳокама қилганди.







