Tesla авария хавфи туфайли 300 мингдан ортиқ автомобилни қайтариб олади
Уларнинг дастурий таъминоти янгиланиши кутилмоқда.

Tesla 16 февраль куни 363 минг машинани қайтаришини эълон қилди. Бу автомобилларга ўрнатилган тўлиқ автоматик ҳайдаш тизимининг бета-версияси (Full Self-Driving Beta, FSD Beta) аварияга олиб келиши мумкин.
АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) маълумотларига кўра, FSD Beta айрим вазиятларда, масалан, чорраҳадан ўтаётганда йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин. Номига қарамай, FSD Beta барча ҳолатларда ҳам инсон иштирокисиз автомобилни бошқара олмайди.
Қайтариб олиш турли йилларда ишлаб чиқарилган Model S, Model X, Model 3 ва Model Y машиналарига тааллуқли. Шу билан бирга Tesla уларни тўғридан тўғри қайтариб олмайди, балки автомобилларга янги дастурий таъминот ўрнатади.







