«Кимгадир чурқ этсанг сени ҳам отанг каби ўлдириб юбораман» — Зангиотада аёлни собиқ эри аёвсиз калтаклади
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан масъул ташкилотлар муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманида эркак 4 соат давомида хотинини калтаклаб, ўлдиришга урингани айтилган хабарлар тарқалди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 8 октябрь куни Б.Ш. исмли эркак собиқ аёлини хонага қамаб, овози қўшниларга эшитилмаслиги учун телевизор ва радионинг овозини баландлатган ҳолда аёвсиз калтаклаган. Оғир оқибатларга олиб келувчи зарбалардан хушини йўқотган аёлни дугонасининг қўнғироғи қутқариб қолган.
Кейинчалик Б.Ш. кимдир уйга келиб қолишидан чўчиган ҳолда аёлни шифохонага олиб бориб, “агар кимгадир чурқ этсанг сени ҳам отанг каби ўлдириб юбораман”, дея қўрқитган. Шундан сўнг, аёл тиббий текширувлардан ҳам ёлғиз ўзи ўтган.
Маълумотларга кўра, улар 2017 йилда оила қурган ва доимий жанжаллар туфайли 2019 йилда қонуний ажрашган. Аёл бир нафар фарзанди билан уйсиз қолган ва ҳуқуқшуносларнинг маслаҳати билан яна собиқ эрининг уйига қайтиб борган.
Маълум қилинишича, 11 октябрь куни Зангиота тумани ИИБ томонидан Б.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳам муносабат билдирди.
Зангиота тумани «Хўжамозор» маҳалласида яшовчи фуқаро билан боғлиқ ҳолат Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари — Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Нодира Умарова ва Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Зуҳра Миргазиевалар томонидан ўрганилган. Аёл билан суҳбатлашилган.
«Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда зўравонга нисбатан қонуний жазо қўллаш ва аёлни соғлиғи тўлиқ тикланиб кетиши, тегишли барча даволаш ишларининг амалга оширилишини масъуллар томонидан назоратга олинган», — дейилади муносабатда.







