Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект фойдаланишга топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган жамоатчилик вакилларини ва улар орқали бутун халқни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади.
Президент сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилиб, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош саноат тармоқларини ривожлантириш ҳамда чекка ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича катта ишлар бажарилган.
“Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида абадий муҳрланди”, – деди Президент.

Маълум қилинишича, шу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилган. Натижада қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Президент мамлакатда дунёнинг етакчи компаниялари, йирик инвесторлар ва халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар кўпайиб бораётганини қайд этди.
“Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз. Энг муҳими, янги корхоналар билан бирга замонавий технологиялар, янги касблар ва юқори малакали иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда”, – деди давлат раҳбари.
Жорий йилнинг ўзида 1,7 миллиард долларлик 56 та йирик замонавий саноат ва сервис объекти ишга туширилган. Улар ҳисобига 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.

Шунингдек, бюджетдан ажратилган 46 триллион сўм ҳисобидан 385 та мактаб, 113 та боғча, 81 та шифохона, 7,5 минг километр йўл ҳамда 3,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилган, таъмирланган ва реконструкция қилинган.
Бугунги маросимда мамлакатнинг барча ҳудудларида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.

Янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилади. Шунингдек, бюджетга йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши таъминланади.
Инвестиция лойиҳалари энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-конь, тўқимачилик ва енгил саноат каби йўналишларни қамраб олган.
Жумладан, Сирдарё вилоятида 1 573 мегаваттлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати, Қорақалпоғистонда 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Навоий вилоятидаги янги энергетика лойиҳалари йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида ишга туширилган тўқимачилик, трикотаж ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги янги металлургия корхоналари эса саноат кооперациясини кенгайтириш ва импорт ўрнини босишга йўналтирилган.
Президент ижтимоий соҳадаги лойиҳаларнинг ҳам аҳамияти катта эканини таъкидлади. Янги ўқув йили арафасида 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди. Шулар қаторида Янги Тошкент ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилган Янги Ўзбекистон университетининг замонавий мажмуаси ҳам бор. Бу ерда 7 минг нафар талаба таҳсил олиши учун шароит яратилган.
Университетда Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Оксфорд университети билан биргаликда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича “Таълим хаби” ташкил этилади. 1-октабрдан Сунъий интеллект институти ҳам иш бошлайди.
Шунингдек, 30 минг квадрат метр майдонга эга беш қаватли янги Миллий кутубхона замонавий техникалар билан жиҳозланган. У бир вақтнинг ўзида 1,5 минг нафар китобхонга хизмат кўрсатиши мумкин. Кутубхонада 28 дан ортиқ ўқув хонаси ва заллар, турли сиғимдаги конференция заллари ташкил этилган, 200 мингдан зиёд китоб жамланган.
Қарши шаҳрида 400 миллиард сўмлик Иқтисодиёт ва педагогика университетининг янги бино ва иншоотлари барпо этилди. Бу ерда 3 минг нафар талаба таҳсил олади, 700 нафар аҳоли даромадли иш билан таъминланади.
Фарғона вилоятидаги янги тиббиёт муассасасида йилига 60 минг нафар беморни даволаш ва 30 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш имконияти яратилган.
Давлат раҳбари янги объектларни барпо этишда иштирок этган инвестор ва тадбиркорлар меҳнатини юқори баҳолади.
“Сиз киритаётган ҳар бир инвестиция Ўзбекистон келажагининг пойдеворини мустаҳкамлайди. Сиз яратаётган ҳар бир иш ўрни оилалар фаровонлигига хизмат қилади. Сиз ишлаб чиқараётган ҳар бир маҳсулот мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади. Сиз экспорт қилаётган ҳар бир товар Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширади”, – деди Президент.
Тадбирда ушбу лойиҳаларни барпо этишда иштирок этган қурувчилар, муҳандис ва лойиҳачилар, тадбиркор ҳамда инвесторларга миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, 72 та йирик инвестиция лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объектини фойдаланишга топширди.








