Буюк Британияда 1 миллиондан ортиқ бола қашшоқликда яшамоқда
Сўнгги уч йилда мамлакатнинг қашшоқлик даражаси 61 фоизга ошган.

Буюк Британияда қашшоқлик ортиб бормоқда. Ўтган йили мамлакатнинг 3,8 миллион аҳолиси, жумладан, бир миллион бола қашшоқликка дуч келди.
Joseph Rowntree Foundation нодавлат ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, сўнгги уч йилда Буюк Британияда қашшоқлик даражаси 61 фоизга, ёрдамга муҳтож болалар сони эса 2017 йилдан буён уч баравар ошди.
Қашшоқлик асосий жисмоний эҳтиёжларни қондира олмаслик сифатида тавсифланади. Бу озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, хуллас, инсон ҳаёти учун зарур бўлган бошқа нарсаларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.
Бундан ташқари, коммунал тўловларни ўз вақтида тўламаслик, истеъмол кредити бўйича тўловларни кечиктириш сўровда қатнашганларнинг аксариятига хос бўлди. Озиқ-овқат банкларидан фойдаланувчиларнинг улуши эса (2019) 22 фоиздан (2022) 35 фоизгача ошган.
Йўқчилик қашшоқликда яшаётган одамларнинг турмуш тарзини янада ёмонлаштиради. Хусусан, одамлар орасида қарзларнинг кўпайиши, озиқ-овқат банкларига қарамлик, уй-жой етишмаслиги ва егуликларнинг тақчиллиги вазиятни янада оғирлаштиради.
Тадқиқот муаллифлари "Буюк Британиянинг ижтимоий таъминот тизими қашшоқликнинг олдини олмайди", деган хулосага келишди. Чунки ижтимоий нафақаларнинг асосий ставкаси шунчалик пастки, у мамлакатдаги қашшоқлик чегарасини енголмайди. Шу сабабли, бугунги кунда ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирлар билан чегараланган қашшоқликка асосан Буюк Британия фуқаролари ва ижтимоий нафақа оладиган оилалар дуч келмоқда.





