Эрон БМТ Хавфсизлик кенгашидан АҚШнинг бир томонлама чораларини қоралашни сўради
Теҳрон Вашингтоннинг иқтисодий ва ҳарбий босимини халқаро ҳуқуққа зид деб баҳолаб, бу чоралар халқаро миқёсда хавфли претседент яратиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эроннинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Ғулом Ҳусайн Дарзий Хавфсизлик кенгашининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қуролли можароларнинг гуманитар оқибатларига бағишланган йиғилишида АҚШнинг Эронга қарши бир томонлама мажбурлов чораларини қоралашга чақирган. Бу ҳақда Тasnim news хабар берди.
Дарзий 2018 йилда қабул қилинган Хавфсизлик кенгашининг 2417-резолюцияси тинч аҳолини очликка дучор қилишни уруш усули сифатида қўллаш ҳамда гуманитар ёрдам етиб боришига тўсқинлик қилишни қоралашини қайд этган. У Ғазодаги вазиятни ҳам тилга олиб, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар ҳамда очликдан қурол сифатида фойдаланиш ҳолатлари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши эканини билдирган.
Эрон вакили АҚШнинг сиёсий қўллови сабаб Хавфсизлик кенгаши бундай ҳолатларга нисбатан ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмаганини айтган.
Дарзий Ҳормуз бўғозидаги беқарорлик ва денгиз қатновидаги муаммоларга тўхталиб, бунинг асосий сабабини АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларида кўрган. Унинг таъкидлашича, 2026 йил 28 февралда бошланган ҳарбий амалиётлар минтақавий ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликка жиддий оқибатлар келтириб чиқарган.
“Хавф остида турган нарса – халқаро ҳуқуқнинг яхлитлигидир. Агар бундай ноқонуний ҳаракатларга қарши чиқилмаса, улар хавфли претседент яратиши мумкин”, – деган Дарзий Хавфсизлик кенгашидаги нутқида.
У АҚШ томонидан Эрон кемаларига нисбатан амалга оширилган ҳаракатларни ҳам халқаро ҳуқуқнинг бузилиши сифатида баҳолаган. Дарзийнинг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги 12 август куни 59 та савдо кемасининг йўналиши ўзгартирилгани, учта кема фаолияти тўхтатилгани ва икки кемага кирилганини маълум қилган.
Эрон вакили АҚШ томонидан эълон қилинган янги иқтисодий чоралар озиқ-овқат, энергия, савдо ва асосий товарлардан фойдаланиш имкониятларини сиёсий босим воситасига айлантираётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, бундай ҳаракатларни хавфсизлик ёки денгиз қатнови эркинлигини таъминлаш зарурати билан оқлаб бўлмайди.
Дарзий барча давлатларни АҚШнинг бошқа мамлакатларни ўз сиёсатига бўйсундиришга қаратилган экстратерриториал бир томонлама мажбурлов чораларини рад этишга чақирган.
Дарзий, шунингдек, Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги ҳуқуқларига тўхталган. Унинг айтишича, бўғоз соҳилбўйи давлати сифатида Эрон ўз ҳудуди ва суверенитетига қарши тажовузларга жавобан халқаро ҳуқуқ доирасида зарур чораларни кўриш ҳуқуқига эга.
“Тинчлик, минтақавий барқарорлик ва хавфсиз кемачиликни тиклашнинг ягона барқарор йўли тажовузни тўхтатиш, Эроннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилиш, ноқонуний денгиз қамаллари ва бир томонлама мажбурлов чораларини бекор қилиш ҳамда келгусида бундай тажовузлар такрорланмаслиги учун ишончли кафолатлар беришдир”, – деган Эрон дипломати.






