Франция Президенти Ўзбекистонга ташриф буюради
Расмий ташриф ноябрь бошида амалга оширилади.

Франция президенти Эммануел Макрон Қозоғистонга ташрифидан сўнг 2 ноябрь куни Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда AFP хабар бермоқда.
"Франция бу икки давлатни ислоҳот ва модернизация йўлида қўллаб-қувватлашга, халқаро муносабатларни диверсификация қилишга ҳисса қўшишга, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек, Европа билан муносабатларни мустаҳкамлаш ниятини қўллаб-қувватлашга тайёр", — дейилади хабарда.
Елисей саройи Қозоғистон ва Ўзбекистонни Францияга яқинлаштиришдан мақсад «иқтисодий соҳада, хусусан энергетика соҳасида, муҳим материаллар етказиб бериш, транспорт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва мудофаа соҳаларида ҳамкорлик қилиш» эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Макрон Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида мамлакатга келиши ҳақида маълум қилганди.







