Депутат Тошкентда автобусларни бепул қилиш таклифи билан чиқди
Унинг фикрича, бунинг натижасида ”пробка”лар камаяди ва йўл ҳаракати тартибга келади.

Депутат Дониёр Ғаниев Тошкентда жамоат автобусларини бепул қилиш таклифи билан чиқди.
Унга кўра, автобусларни ҳаммага бепул қилиш мумкин. Бу бюджетга қўшимча 300 млрд сўмга тушади. Аммо буни қоплашнинг ҳам ўз манбаси бор.
”Ҳозирги ҳисоб-китобда шаҳар ҳокимиятига йилига қўшимча 300 млрд сўмга тушаркан. Бу пулларни шаҳар марказий қисмига кирадиган мошиналарга кунлик солиқ солиш орқали қопласа бўлади”, – дейди депутат.
Агар пойтахт марказида ҳаракатланувчи автомобилларга бир кун учун 1 АҚШ доллари миқдорида солиқ солинса ва шаҳардаги бир кунлик 500 мингта машинадан 20 фоизи, яъни 100 минги шаҳар марказида ҳаракатланади деб олинса, кунига 100 минг АҚШ долларни ташкил қилади.
”Бу одамларда автобусдан кўпроқ фойдаланишга, мошинадан камроқ фойдаланишга рағбат бўлади. ”Пробка”лар камаяди, йўл ҳаракати сал тартибга келади”, – деб ёзади депутат.







