«Черняевка»да «мега пробка» — расмийлар изоҳ берди
Чегарадаги турнақатор навбатлар тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда халқ тилида «Черняевка пости» деб номланувчи «Ғишткўприк» чегара божхона постида кузатилаётган тирбандликлар кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси мазкур масалага расмий муносабат билдириб, айни кунларда божхона постида қурилиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Навоий» постида ҳам замонавий божхона пости қад ростлаяпти, шу сабабли пост ёпиқ. Асосий оқим ушбу постга йўналмоқда. Биз шу сабабли, кўпроқ «Яллама»дан ўтишни тавсия қиляпмиз. «Ғишткўприк» пости орқали фуқаролар ва транспорт оқими йилдан йилга кўпаймоқда, шу учун пост бутунлай замонавий қиёфа касб этади», – дейилади хабарда.
Бошқарманинг таъкидлашича, божхона постида қурилиш-таъмирлаш ишлари кетаётгани ҳақида мунтазам огоҳлантириб келинмоқда.
«Постда янги терминал, автомобиль йўли, автотураргоҳ, ошхона, тиббиёт хонаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Келгуси йилнинг март ойида фойдаланишга топширилади», – дейилади Тошкент вилояти божхона бошқармаси хабарида.







