Қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди
ДХХ ва ИИБ томонидан бир нечта ҳолатлар аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Элликқалъа туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда "Кичик Гулдирсин" МФЙдаги хонадонлардан бирида яшовчи С.А. ўз уйида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, ушбу хонадондан 2 157 дона “Русская водка” номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 865 дона қалбаки акциз марка, 160 литр спирт, 21 190 дона бўш шиша идишлар ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундай, Департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро З.А. ўз уйида алкоголь маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, қўлбола усулда тайёрланган 120 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти, 120 литр спирт ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.А. ва А.Т. қўлбола усулида ясалган 480 дона "Шаҳрисабз ароғи" номли алкоголь маҳсулотини фуқаро Б.К.га ўтказиш мақсадида олиб келган вақтларида ушланиб, жами 588 дона қалбаки алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







