Дунё бўйлаб қизамиқ авж олмоқда
ЖССТ вазиятдан хавотирда.

Дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланганлар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, касалликка қарши эмлаш пасаймоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, 2022 йилда инфекциядан вафот этганлар сони 2021 йилга нисбатан 43 фоизга ошган. Беморларнинг умумий сони 9 миллион кишини, ҳалок бўлганлар эса 136 минг кишини ташкил этади. ЖССТнинг таъкидлашича, уларнинг аксарияти болалардир.
"Болалар учун қизамиқ таҳдиди доимий равишда ўсишда давом этмоқда. 2022 йилда касалликнинг кенг кўламли ва оғир эпидемиялари 37 давлатда қайд этилган", - дейилади ЖССТ хабарида.
Шу билан бирга, ташкилотнинг қайд этишича, бу ҳолат башорат қилинган, чунки сўнгги йилларда эмлаш даражаси пасайган. Шунингдек, ЖССТнинг таъкидлашича, ўн йил ичида АҚШ, Жанубий Европа ва Африкада данг безгагининг тез тарқалиш хавфи бор.





