Хивада болалар дарс пайти ариқ қазишга мажбурлангани айтилмоқда
Расмийлар ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Хива туманида мактаб болалари дарс пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилган видеохабар тарқалди.
Тарқалган видеолавҳада Хива туманидаги 5-сон мактабнинг 11-синф ўқувчилари дарс пайтида ариқ қазиётгани келтирилган.
Мазкур ҳолат Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассислари ҳамда Хива тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиши бўлими Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори иштирокида ўрганилган.
Видеолавҳадаги ҳолат жорий йил 20 октябрь куни Хива туманидаги 5-сон умумий ўрта таълим мактаби ташқарисида содир қилинган бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашилганда улар мактабнинг чақириққа қадар бошланғич таълим раҳбарига ўз ихтиёрлари билан ёрдамлашганликларини, уларни ҳеч ким меҳнат қилишга мажбурламаганини билдирган.
"Ўрганиш хулосасига кўра, Хива тумани 5-сон мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаганлигини маълум қиламиз", дейилади расмий муносабатда.







