“Фарзанд шахсий мулк деб яшашни бас қилайлик”
Болалар омбудсмани ота-оналарга мурожаат билан чиқди.

Болалар омбудсмани ота-оналарга мурожаат билан чиқди:
"Сўнгги пайтларда болаларга нисбатан ўз ота-оналари ёки бошқа васийлари томонидан зўравонлик ҳолатлари ошаётганини ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали келаётган кўплаб хабарлардан, Болалар омбудсмани котибиятига келаётган мурожаатлардан кўряпмиз.
Мурғак болаларга бундай шафқатсиз ва аёвсиз муомалани кўриб ҳар қандай инсон юраги ларзага келади. Ҳар бир бола ўз уйини энг хавфсиз ва севимли маскан, ота-онасини эса ҳаётнинг турли синовларидан уни ҳимоя қилувчи посбонлар деб англайди.
Зўравонликни ташқарида, бегоналардан эмас, балки энг яқинларидан – унга меҳр-муҳаббат кўрсатиши керак бўлган инсонлардан кўраётган болажоннинг кўнглида нима кечаётганини энди тасаввур қилиб кўринг!
Бундай боланинг дунёси остин-устун бўлади, ҳаётга, эртанги кунга, инсонларга ишончи сўнади. Ўз фарзанди олдида ота-оналик бурчини тўғри англаган ҳеч бир шахс, руҳан ва қалбан соғлом инсон боласига бундай ишни раво кўрмайди.
Албатта, инсон ҳаётида турли мураккаб вазиятларга дуч келиши мумкин, лекин бу қийинчиликлар аламини ўз фарзандидан – ўзини ҳимоя қила олмайдиган ожиз боладан олиш керак дегани эмас!
Фарзанд – ота-онанинг “шахсий мулки” деган фикр билан яшашни бас қилайлик. Ота-оналар болага эгалик қиладиган эмас, унга ғамхўрлик ва меҳр кўрсатиши, унинг жисмонан, руҳан ва ақлан камол топиши учун барча зарур шарт-шароитни яратиш мажбурияти юкланган инсонлардир.
Бола туғилганиданоқ ҳар қандай мустақил инсон сингари барча шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга эгадир. Ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида. Мана шу қоида инсонларимиз тафаккурига сингиши керак.
Ҳурматли ота-оналар! Болангизга нисбатан қилинган ҳар қандай ножўя ҳаракат, зўравонлик ва таҳдиднинг қонунан жавоби бор.
Унутманг, бугунги хатонгизни эртага тузатиш имкони бўлмаслиги мумкин!
Давлат болаларга ҳеч ким, ҳатто уларнинг яқинлари ҳам зарар етказишига йўл қўймайди".







