Тошкентда МФЙ раиси ҳокимлик мажлисида вафот этди
Олмазор тумани ҳокимлиги 40 кундан бери мажлис ўтказаётгани айтилди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда маҳалла раиси йиқилиб тушиб вафот этди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, «Daryo» нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳокимият масъулларининг 40 кундан бери давом этаётган мажлисбозлиги бир инсон ўлимига сабабчи бўлган.
"Олмазор туманида 15 октябрдан бери ҳар куни йиғилиш ўтказиляпти. 40 кундан бери эрталаб 07:30 дан 08:30 га қадар, баъзан ундан ҳам кўпроқ давом этаётган йиғилиш ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмоқда", — дейди йиғишда қатнашиб, раис ўлимига гувоҳ бўлган манба.
Бугун, 24 ноябрь куни давом этган навбатдаги мажлис пайтида, соат тахминан 10:00 ларда “Янги Себзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси йиқилиб тушиб, воқеа жойида вафот этган.
Вафот этган раис Шавкат Муродбеков исмли фуқаро бўлган.
Олмазор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Виталий Толибжонов воқеани тасдиқлаган. Аммо қўшимча маълумот беролмаслигини, иш юзасидан прокуратурадан ахборот олиш мумкинлигини айтган.







