2023 йилда 1137 та янги автобус йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди
Президент қарори ва дастурларга мувофиқ республика бўйича жами 2 мингта автобус харид қилиниши белгиланган.

Бугунги кунда Республика бўйича 3903 та йўналишлар мавжуд бўлиб, шундан 3094 таси фаолият кўрсатаётган бўлса, 809 та йўналиш талабгор мавжуд бўлмаганлиги боис фаолияти тўхтатилган. Мавжуд йўналишларнинг 774 таси (621 фаолият кўрсатаётган) шаҳар, 2756 та (2184) шаҳар атрофи, 282 та (198) вилоят ҳудуди шаҳарлараро ва 91 та (91) шаҳарлараро йўналишлардан иборат. Йўналишларда 38 926 та автотранспорт воситалари фаолият кўрсатиб, шундан 5 506 таси автобусга тўғри келади.
Бундан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига 22 та мунтазам халқаро автобус йўналишлари йўлга қўйилди. Ушбу давлатларга қатновчи автобусларда 2023 йил 9 ойи давомида ўртача 337 минг та йўловчиларга хизмат кўрсатилган.
Ҳисобот даврида республика бўйича жами 166 та очиқ тендер ўтказилиб, уларда 1847 та йўловчи ташиш бўйича йўналишлари жойлаштирилди. Шундан 314 та шаҳар ичида, 1345 та шаҳар атрофи, 127 та вилоят ҳудуди шаҳарлараро ва 61 та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлардир.
2023 йилда 28 та автобус ва 48 та йўналишли такси, жами 76 та янги йўналиш ташкил этилди. Ушбу йўналишларда 141 та автобус, 75 та микроавтобус ва 304 та “Damas” русумли автомобиллар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Президент қарорлари ва дастурларга мувофиқ республика бўйича жами 1 137 та янги автобуслар (Тошкент шаҳрида 1000 та, ҳудудларда 137 та) ҳамда 305 та микроавтобус олиб келиниб, йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун 350 та электр автобуслар харид қилиш ҳамда улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳаси доирасида 2023 йилда 100 та электробуслар олиб келиш бўйича халқаро тендер ўтказилиб, унда Yutong компанияси ғолиб бўлган. Бугунги кунда дастлабки 6 дона автобус етказиб берилган бўлиб, автобуслар Самарқанд шаҳрини “Боқий шаҳар” мажмуаси билан боғловчи йўналишда фаолият кўрсатмоқда.
Дастурларга мувофиқ жорий йилда 742 та автобус бекати ҳамда 23 та автовокзал ва автостанциялар қурилиши ва реконструкцияси режалаштирилган. Бугунги кунга қадар Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 2 та автовокзал қурилиб, фойдаланишга топширилди, Наманган вилоятида 1 та автостанция реконструкция қилинди.
Шу билан биргаликда:
– “AТТО” мобил иловасида ҳайдовчилар фаолиятини йўловчилар томонидан баҳолаш имконияти яратилди ва механизм ишга туширилди.
– “AТТО” мобил иловасида Тошкент шаҳридаги жамоат автобуслари ҳаракатланишини онлайн кузатиш имконияти яратилди.
– Транспорт вазирлигининг “Info.uztrans.uz” корпоратив ахборот тизими ишга туширилди.
– “Узтранс” интерактив ахборот тизими таркибида республика харитасида автовокзал ва автостанциялар жойлашув нуқтаси ва улар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олувчи дастур ишлаб чиқилди.
– Шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновчи автобусларга электрон чипта сотишга мўлжалланган “avtoticket.uz” платформасида, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан республика, шунингдек халқаро йўналишлар учун онлайн чипта сотиш механизми ишга туширилди. Бундан ташқари, ушбу платформа “Paynet” платформасига интеграция қилинди. Натижада, “Paynet” шохобчаларида шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновчи автобуслар учун чипта харид қилиш имконияти яратилди.
– Жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланмаган тарифлар жорий этилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган давлатлардан бирига айланди. Бундан ташқари мамлакатимиз аҳолиси тез суратларда ўсяпти. Бу эса жамоат транспортига бўлган талабни қондириш учун кўпроқ янги йўналишларни ишга туширишни тақозо қилмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда жамоат транспорти билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Автобуслар паркини янгилаш, транспорт-инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди. Автобуслар ҳаракатини самарали бошқариш учун ҳайдовчилар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, замонавий электробусларни ишга тушириш орқали жамоат транспорти фаолиятининг экологик жиҳатига ҳам эътибор қаратилмоқда.







