Тошкентда автобуслар “яшил транспорт” тизимига ўтказилади
2024–2030 йилларда 1 200 дона электробус харид қилиниши режалаштирилган.

Тошкент жамоат транспорти босқичма-босқич тўлиқ “яшил транспорт” тизимига ўтказилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ хабар қилди.
Қайд этилишича, автобус саройи филиалларида 2 017 дона ҳаракат таркиби мавжуд бўлиб, шундан 672 донаси дизель ёқилғисида (33 фоиз), 1 020 донаси табиий газ ёқилғисида (50 фоиз), 324 донаси электр энергиясида (17 фоиз) ҳаракатланади.
2022–2023 йилларда сотиб олинган автобусларнинг 58,7 фоизи сиқилган табиий газда, 21,4 фоизи электр энергиясида ҳаракатланади.
Натижада ҳаракат таркибининг ўзидан чиқадиган зарарли моддалар миқдори 2022 йилда 5,1 минг тоннани, 2023 йилда 4,8 минг тоннани ташкил этилишига эришилди.
2024–2030 йилларда қўшимча 1 200 дона электробус харид қилиш ва автобусларни табиий газ ёқилғисига ўтказиш кўзда тутилган.
2024 йилда ҳаракат таркибини 200 дона электробус билан янгилаш орқали зарарли моддалар миқдорини йиллик 4,6 минг тоннагача камайишига эришиш режалаштирилган.







