Жиззахда мактаб директори пора билан ушланди
Маълум бўлишича, у муқаддам ҳам судланган.

Жиззах вилояти Мирзачўл туманида мактаб директори пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, у Жиззах шаҳрида яшовчи фуқарони ўзи раҳбарлик қилаётган муассасага ўринбосарлик лавозимига ишга қабул қилиш ва қўшимча соат 6 дарс бериш учун 5 миллион сўм сўраган.
У ушбу пулларнинг 4 миллион сўмини олган Жиззах шаҳри ҳудудида олаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидланишича, директор муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) билан судланган.







