Пиёда ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси қамалди
Воқеа жорий йилнинг июль ойида юз берганди.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида пиёданинг ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчиси 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Жорий йил 19 июль куни соат 16:30 да Бобур кўчасида автобус ҳайдовчиси А.Д. чап тизмага ўтаётганда орқани кўрсатувчи чап ойнага қараб, 2−3 сония тўғри йўлга қарамасдан чалғиб қолган. Шу вақт йўлдан ўтаётганда қатнов қисмида белидан тушиб қолган рациясини олиш учун ўтаётган Г.K.ни уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан у вафот этган.
Судда ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини ва айбига тўлиқ иқрорлигини, шунингдек, пиёданинг оила аъзоларига 8,3 миллион сўм моддий ёрдам берганини маълум қилди. У суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Жабрланувчининг турмуш ўртоғи ҳайдовчидан 70 миллион сўм моддий ва маънавий зарарларни ундириб бериш ва унга нисбатан қонун доирасида жазо тайинлашни сўраб, кўрсатув берди.
Суд судланувчи А.Д.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам вафот этиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Унга нисбатан 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланди.







