Чироқчида “Тез ёрдам” ҳайдовчиси калтакланди
У беморнинг яқини томонидан дўппосланган.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида "Тез ёрдам" ҳайдовчиси калтакланди.
Вилоят ССБга кўра, “Тез тиббий ёрдам” бўлимига шу йилнинг 12 декабрь куни соат 17:10 да Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи, 1962 йилда туғилган аёл томонидан қон босимининг кўтарилиши шикояти билан чақириқ берилган. 8 километрлик масофага “Тез тиббий ёрдам” бригадаси соат 17:24 да етиб борган.
Хонадонда беморнинг ўғли эканлиги тахмин қилинаётган шахс “Тез тиббий ёрдам” ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказгани айтилмоқда. Шундай вазиятда ҳам тиббий бригада аъзоси бўлган ҳамшира ўз бурчини бажариб, аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган. Автомашинани чақириқдан ортига қайтариш учун бошқа ҳайдовчи чақиртиришга тўғри келган.







