Фарғонада бир оила ис газидан заҳарланиб вафот этди
Ҳолат юзасидан БП маълумот берди.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида эр-хотин ва уларнинг икки қизи ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат 15 декабрь куни соат 13:00 ларда Ўзбекистон тумани «Обод» МФЙда содир бўлган. Эр-хотин M.M. ва Ж.Н. ҳамда уларнинг вояга етмаган икки қизи яшаш хонадони ётоқхонасида ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Кўздан кечириш давомида марҳумлар истиқомат қилган хонадоннинг ётоқхона ва ювиниш хоналари қўлбола усулда темирдан ясалган иситиш печига табиий газ тармоғи тортилиб, иситиб келингани, яшаш хонаси эшик ва дераза ромлари алюминий профилдан ишлангани маълум бўлган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқароларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келгани аниқланган. Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.







