Наманган вилояти "замҳокими" коррупцион жиноятларда гумонланмоқда
Саидаҳмад Султонов Жиноят кодексининг 205- ва 206-моддаларида назарда тутилган жиноятларда гумонланиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Наманган вилояти суди вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов қамоққа олинганини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг Саидаҳмад Султоновга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилган.
Ҳоким ўринбосари Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 206-моддаси 2-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг илтимосномасини қаноатлантирган ва гумон қилинувчи Саидаҳмад Султоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.
48 ёшли Саидаҳмад Султонов 2020 йил октябрдан буён Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Сўнгги бир ойда коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида ўнга яқин мансабдор шахс қўлга олинган.







