Қамчиқда юк автомобили ЙТҲга учраши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Автоҳалокат натижасида транспорт воситасида ёнғин юзага келган.

Кеча, 9 январь куни соат 20:30 ларда Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўли 225-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабарига кўра, "Водий-Тошкент" йўналишида ҳаракатланган Chacman русумли юк автомобили ҳайдовчиси, 1988 йилда туғилган Н.И. тезликни оширгани сабабли рул бошқарувини йўқотган ва йўлни иккига ажратиб турувчи темир тўсиққа урилиб ағдарилган. ЙТҲ натижасида транспорт воситасида ёнғин юзага келган.

Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи Н.И. ва йўловчиси олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда ушбу ЙТҲ юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.









