Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг кучли компьютерга эга бўлди
У сунъий интеллект ва ҳисоблаш вазифалари учун мўлжалланган.

2025 йил 19 май куни Қозоғистонга Марказий Осиёдаги энг кучли суперкомпютер етказиб берилди. У деярли 2 exaflops қувватига эга бўлиб, сунъий интеллект ва юқори самарали ҳисоблаш вазифалари учун мўлжалланган. Ушбу тизим NVIDIA компаниясининг энг сўнгги H200 график тезлаткичларига асосланган.
Суперкомпютер Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигига қарашли янги Tier III даражадаги маълумотлар марказига ўрнатилади. Марказ юқори ишончлилик ва узлуксиз ишлаш имкониятини таъминлайди.
Ресурслардан фойдаланиш қуйидагилар учун очиқ бўлади:
стартаплар — нейрон тармоқларни ўргатиш учун;
университетлар — амалий ва фундаментал тадқиқотлар учун;
тадқиқот марказлари ва компаниялар — бизнес жараёнларига сунъий интеллектни жорий қилиш учун.
Суперкомпютер салоҳиятидан соғлиқни сақлаш, энергетика, таълим ва давлат хизматлари соҳаларида фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Қозоғистонда биринчи марта юқори технологияли ускуналарни божхона тўловларисиз ва ҚҚСсиз олиб кириш механизми жорий қилинди. Бу чоралар халқаро IT-компаниялар ва маълумотлар маркази операторлари учун мамлакат жозибадорлигини сезиларли даражада оширади.
Рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев ушбу ташаббусни “Қозоғистоннинг рақамли инфратузилмасини яратишда стратегик қадам” деб атади ва бу мамлакатнинг рақамли суверенитетини мустаҳкамлаб, минтақадаги сунъий интеллект технологиялари ва глобал IT-соҳада етакчи мавқейини мустаҳкамлайди, дея таъкидлади.
Мазкур лойиҳа 2029 йилгача мўлжалланган сунъий интеллектни ривожлантириш концепциясининг бир қисми бўлиб, Қозоғистонни замонавий IT-инфратузилманинг асосий элементига айлантиришга хизмат қилади.







