Электр энергияси тўлови: газсиз ҳудудлар учун ойлик базавий меъёр оширилди
Янги меъёрдан фойдаланиш учун фуқаролардан ариза ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.

Газлаштирилмаган ҳудудларда ноябрь ойи учун электр энергияси тўловлари 350 кВт·соатлик базавий меъёр асосида ҳисобланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 601 сон қарорига мувофиқ, иситиш мавсумида табиий газ билан таъминланмаган ҳамда газ етказиб бериш имконияти чекланган ҳудудлардаги аҳоли хонадонлари учун электр энергиясининг ойлик базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга оширилади.
Янги тартибга кўра, белгиланган рўйхатга киритилган хонадонлар иситиш мавсумида ойига 350 кВт·соатгача электр энергиясидан 1 кВт·соат учун 650 сўмлик базавий тариф асосида фойдаланади.
Ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ шакллантирган ҳудудлар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўрганилиб, тасдиқланмоқда. Тасдиқланган рўйхатлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга юборилиб, тегишли маълумотлар биллинг тизимига киритилмоқда. Бу жараённи 25 ноябргача якунлаш белгиланган.
Янги меъёрдан фойдаланиш учун фуқаролардан ариза ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди. Тегишли рўйхатга киритилган хонадонларга имтиёз автоматик равишда қўлланади.
Шунингдек, тартиб 1 ноябрдан амал қилаётгани сабабли, рўйхатга киритилган хонадонларнинг ноябрь ойида истеъмол қилган электр энергияси учун якуний тўловлари 350 кВт·соатлик базавий меъёр асосида ҳисобланади. Яъни ноябрь ойи учун ҳисоб-китобларда янги меъёр тўлиқ инобатга олинади.
Масалан, хонадон ноябрь ойида 300 кВт·соат электр энергияси истеъмол қилса, аввалги 200 кВт·соатлик меъёр бўйича тўлов 220 минг сўмни ташкил этган бўлар эди. Янги меъёр асосида эса 195 минг сўм ҳисобланади. Яъни хонадон 25 минг сўм кам тўлайди.
“Мазкур тартибни амалиётга жорий этиш, ҳудудлар ва хонадонлар рўйхатини шакллантириш, маълумотларни биллинг тизимига киритиш ҳамда тўловларни янги меъёр асосида ҳисоблаш билан боғлиқ барча зарур ишлар Энергетика вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан истеъмолчиларни ортиқча оворагарчиликка солмаган ҳолда амалга оширилади”, дейилади хабарда.








