ОТМлар миллий рейтинги: давлат олийгоҳларини рағбатлантириш тартиби белгиланди
Рейтинг натижалари эълон қилинганидан кейин 15 иш куни ичида рағбатлантириш маблағлари давлат олий таълим ташкилотига ўтказилади.

Олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Теlegram-каналида хабар берилди.
Адлия вазирлиги Олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ҳужжатни 2026 йил 21 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказди.
Қайд этилишича, Президентнинг “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2026 йил 10 апрелдаги ПФ–58-сон Фармонида давлат олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш назарда тутилган.
Мазкур идоравий ҳужжат билан қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилмоқда:
- Давлат олий таълим ташкилотларини миллий рейтинг натижалари асосида рағбатлантириш тартиби белгиланмоқда. Бунда, Таълим ва илм-фан вазирлиги рағбатлантириш маблағларини миллий рейтинг натижалари эълон қилингандан бошлаб 15 иш куни ичида тегишли давлат олий таълим ташкилотларига ўтказади;
- Олий таълим ташкилоти томонидан махсус платформага ҳисобот йили бўйича маълумотларни киритиш муддати 1 февралдан 1 июнга узайтирилмоқда;
- “Битирувчи сифати индекси”ни ҳисоблаш методикаси бўйича идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилганлиги сабабли миллий рейтингни юритишда битирувчилар бандлиги боғлиқ айрим индикаторлар “Битирувчи сифати индекси” натижалари билан алмаштирилмоқда;
- Олий таълим ташкилотининг халқаро даражадаги обрўсини аниқлашда хорижий ҳамкор ҳисобланган олий таълим ва илмий ташкилотлардан жами 200 нафаргача ходим жалб этилиши мумкинлиги белгиланмоқда.








