Абу-Дабида ҳайдовчисиз роботакси синови бошланди
Автомобиллар мутлақо мустақил ҳаракатланади.

Хитойнинг WeRide компанияси томонидан ишлаб чиқилган тўлиқ ҳайдовчисиз роботаксилар энди Абу-Дабининг умумий фойдаланишдаги йўлларида синовдан ўтказилмоқда. Эътиборга молик жиҳати — бу автомобиллар мутлақо мустақил ишлайди, яъни синов давомида ҳайдовчи-инструктор умуман иштирок этмайди. WeRide компаниясининг бу қадамини экспертлар Яқин Шарқ минтақасидаги транспорт технологиялари ривожида янги давр сифатида баҳоламоқда.
Синовлар дастлаб Яс ва Саадият оролларида амалга оширилган бўлса, эндиликда улар Абу-Дабининг Ал-Маря ва Ал-Рим каби марказий ҳудудларига ҳам кенгайтирилади. Бу эса янги технологияларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига тобора чуқурроқ кириб бораётганини кўрсатади. Компания 2023 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ҳайдовчисиз транспорт воситалари учун миллий лицензияни қўлга киритган бўлиб, бу WeRide'га мамлакат бўйлаб синовлар ўтказиш имконини берди.
2024 йил декабрида WeRide Uber билан ҳамкорликда Абу-Дабида энг йирик тижорат ташаббусларидан бирини йўлга қўйди. Натижада роботакси хизматининг умумий йўловчилар учун ишга туширилиши 2025 йил ёзига режалаштирилган. WeRide лойиҳаси илк бор 2020 йилда Хитойнинг Шенчжен шаҳрида ишга тушган. Тесла эса бу йўналишда рақобатни кучайтириш мақсадида ўзининг "робофургон" ва роботакси лойиҳаларини жамоатчиликка тақдим қилган эди.







