“Халқ назорати” портали бутун мамлакат бўйлаб ишга туширилади
Порталга сурат ёки видео орқали мурожаат қилиш мумкун.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкентда синовдан ўтган “Халқ назорати” порталини бир ой ичида бутун республика миқёсида жорий этишни топширди.
Ушбу электрон платформа фуқароларга қурилиш, ободонлаштириш, коммунал хизматлар каби муаммолар юзасидан мобил илова орқали сурат ёки видео билан бевосита мурожаат қилиш имконини беради. Мурожаатлар автоматик тарзда тегишли ташкилотларга йўналтирилади, ҳар бир ариза учун аниқ жавоб муддати белгиланади.
“Халқ назорати” барча вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларни ягона тизимга боғлаб, муаммоларга тезкор жавоб берилишини таъминлайди. Мурожаатларнинг бажарилиш ҳолати порталда очиқ эълон қилинади, бу эса жамоатчиликка ҳокимлар ва мутасаддилар фаолиятини назорат қилиш имконини беради.
Мазкур тизим дастлаб 2020 йил май ойида ишга туширилган бўлиб, эндиликда у республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши кўзда тутилмоқда.







