Тошкент метроси бекатида 3 ёшли болани поезд йўлига итариб юборилгани рад этилди
"Тошкент метрополитени" аслида нима ҳодиса содир бўлганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Пахтакор метро бекатида ёш бола итариб юборилди" мазмунидаги хабарларга нисбатан "Тошкент метрополитени" ДУК расмий баёнот билан чиқди.
2025 йил 26 июн куни соат 18:00 лар атрофида Пахтакор метро бекатида содир бўлган воқеа юзасидан қуйидагилар маълум қилинади: Ҳаракат таркибидан чиқиш вақтида 3 ёшли қизалоқ, унга ҳамроҳлик қилаётган шахснинг эътиборсизлиги оқибатида вагон эшигига оёғини қисиб олган. Зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва тез ёрдам хизмати чақирилган.
Расмий маълумотларга кўра, болага оғир тан жароҳати етмаган. Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган "бола итарилган" мазмунидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслиги, воқеа асоссиз талқин этилаётганини таъкидлаш лозим.







