Оҳангарон шаҳар ҳокимлигининг мансабдор ходими қўлга олинди
Ходим уч хонали уйни расмийлаштириб бериш учун фуқародан 18 500 доллар талаб қилган.

Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри ҳокимлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи мансабдор шахс фуқарога уч хонали уйни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, ишончига кирган. Бу ҳақда ДХХ хабар қилмоқда.
Ушбу уй ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилаётган бўлиб, мансабдор бу жараённи суд тизимидаги танишлари орқали ҳал қилишини айтган. У фуқаро билан 15 000 доллар эвазига келишган, суддаги «танишлари» учун эса қўшимча 3 500 доллар сўраган.
Жами 18 500 доллар талаб қилган шахс, олдиндан 9 500 АҚШ долларини олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







