Тошкент метросида чиптахоналарни ёпиш бошланди
Бунга нақд пулдаги тўловларнинг камайгани сабаб бўлган.

Тошкент метросида кассаларни ёпиш бошланди. Бу ҳақида метрополитен расмий каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтга келиб йўловчиларнинг кам сонли қисмигина нақд пул кўришида йўл ҳақини тўлашмоқда. Илгари бир марталик QR-кодли чипталардан метро йўловчиларининг 45-50 фоизи фойдаланган бўлса, ҳозирги вақтга келиб қарийб 6-7 фоизини ташкил қилмоқда.
Узоқ вақт давом этган кузатув ва ўрганишлар натижаларига кўра, бир қанча метро бекатларидаги вестибюлларда жойлашган кассаларда чипталар харид қилиниш кўрсатгичи кескин камайгани аниқланди. Шу боисдан нақд пул кўринишида тўловни амалга оширувчи йўловчилар сони кам бўлган 13 та метро бекатларининг (Мирзо Улуғбек, Халқлар дўстлиги, Пахтакор, Ҳамид Олимжон, Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристон, Бодомзор, Минор ҳамда Абдулла Қодирий) 1 тадан вестибюлларидаги кассалар ёпилди ва ушбу вестибюлларга чипта сотиб олиш учун автоматлаштирилган банкоматлар синов тариқасида ўрнатилмоқда.
Шунингдек, метро йўловчилари касса ёпилган вестибюлларда ҳам автоматлаштирилган тўлов турларининг бошқа усуллари орқали тўлов қилиш имкониятига эга.







