Навоийда томорқасида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштирган шахслар ушланди
Хатирчи туманида 23 кг 300 гр марихуана, Навбаҳорда эса 19 тўп каннабис аниқланди.

Навоий вилоятининг Хатирчи ва Навбаҳор туманларида яшовчи икки нафар фуқаронинг томорқа ҳудудида йирик миқдорда гиёҳвандлик ўсимликлари етиштиргани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Файоз Қосимов маълум қилди.
Хусусан, Хатирчи тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи, 50 ёшли эркак фуқаро даромад орттириш мақсадида томорқасида марихуана ўсимлигини етиштириб келган. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида унинг томорқасидан 168 тўп ҳўл ҳолатдаги гиёҳванд ўсимлик, жами 23 кг 300 грамм марихуана, шунингдек, ҳовлидаги қопдан 45 грамм ва томорқа ўсимликлари орасидан 215 грамм қуритилган гиёҳванд модда аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.
Бундан ташқари, Навбаҳор тумани Чорвоқгузар маҳалласида яшовчи аёл ҳам хонадон ҳовлисида 19 тўп каннабис парваришлаб келаётгани аниқланган. Ҳар икки ҳолатда ҳам моддий далиллар холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







