Россияда Ўзбекистон фуқароси қурт олиб киргани учун жаримага тортилди
Олиб кирилган 2 килограмм қурт потенциал хавфли деб топилган.

Россиянинг Перм вилоятида Росселхознадзор ходимлари томонидан Ўзбекистондан келган фуқаронинг қўл юкида саноат қадоғисиз ва белгиларсиз тахминан 2 килограмм қурт аниқланиб, мусодара қилинди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри хабар қилган.
Маҳсулотда ишлаб чиқарувчи корхонанинг номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари кўрсатилмаган. Шу сабабли қурт “потенциал хавфли маҳсулот” деб топилиб, белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Мазкур ҳолат Россия Федерациясининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонуни ва бошқа тегишли қоидаларга зид бўлгани учун, Ўзбекистон фуқаросига нисбатан маъмурий жарима қўлланилган.
Росселхознадзорнинг қўшимча маълумотига кўра, 2025 йил бошидан буён Ўзбекистондан ноқонуний олиб кирилган 175 килограмм чорвачилик маҳсулотлари аниқланиб, йўқ қилинган. Булар орасида 50 кг дан ортиқ гўшт, 90 кг дан ортиқ сут маҳсулотлари ва 30 кг асал бор.
Россия расмийлари фуқароларни мамлакатга чорвачилик маҳсулотларини олиб киришда амалдаги ветеринария талабларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.







